Қозоғистон Президенти «Олтин сифат» мукофотини топширди

Қозоғистон Президенти «Олтин сифат» мукофотини топширди

Астана «Олтин сифат» ва «Фарз» мукофотлари ҳамда «Қозоғистоннинг энг яхши товари» танлови ғолиблари мукофотланди. Уларга совринларни Давлат раҳбари топширди. «Ҳар бир тадбиркорнинг муваффақияти — умумий ютуқлар далили», дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Мамлакат товар ишлаб чиқарувчилари сифатли ва талабга эга маҳсулот чиқарган ҳолда давлат иқтисодини ривожлантиришга ҳисса қўшяпти. Қозоғистон Президенти иқтисод катта суръатларда ўсаётганини кўрсатиб ўтди, жорий йилда бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил қилди, ялпи ички маҳсулот 300 миллиард доллардан ошиши мумкин. Қосим-Жўмарт Тўқаев тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича Ҳукумат фаол ишлаши лозимлигини кўрсатиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Сўнгги беш йил давомида қайта ишлаш саноатида ялпи қўшимча қиймат 25 фоизга ортди, бу эса тоғ-кон соҳасидаги ўсиш суръатидан анча юқори. Охирги йилларда асосий капиталга киритилган инвестиция 70 фоизга ортди. Реал секторда иш самарадорлиги 40 фоизга кўтарилди. Нохомашё экспорт ҳажми икки марта кўпайди. Экспортчилар сони 3 марта ошди, маҳсулотларимиз жўғрофияси кескин кенгайди, 140 та давлатга товар етказиб бериляпти. Бу эса мамлакатимизда чиқарилган маҳсулот хорижий бозорларда харидорини топа олаётганини кўрсатади.

Бизнес соҳасида 4,5 миллион нафар одам ишлаяпти, бу эса мамлакатдаги иш билан таъминланганларнинг деярли ярми. Давлат раҳбари таъкидлашича, кичик ва ўрта бизнесга катта эътибор қаратиляпти, бу йўналишдаги барча жараёнлар жиддий назорат остида. Эндиликда инфляцияни камайтириш, янги Солиқ кодексини жорий этиш, давлатнинг иқтисодга аралашувини камайтириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш лозим. Қосим-Жўмарт Тўқаев юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот чиқараётган тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш лозимлигини алоҳида кўрсатиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Топшириғимга кўра, «Даму» жамғармаси базасида иккита: кичик ва ўрта бизнес ҳамда йирик инвестициявий лойиҳалар учун кафолат жамғармалари очилди. Унинг доирасида 2 минг 229 лойиҳага жами 400 миллиард тенге, шу жумладан, 220 миллиард тенгеси давлат кафолати билан, кредит берилди. Тадбиркорликни янада фаоллаштириш учун дарҳол кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ягона дастур яратиш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси