Миллий қурултойнинг
V йиғилишида Қозоғистон Президенти мамлакат эришган улкан ютуқларни тилга олди.
Ўтган йили мамлакат иқтисоди 6,5 фоизга ошди. Ялпи ички маҳсулот жон бошига 15
минг долларни ташкил қилди ва 300 миллиард долларга етди. Бу эса Марказий Осиё
минтақаси учун рекорд кўрсаткич. Миллий жамғарма валюта активлари 5 миллиард
долларга кўпайди, олтин валюта захиралари 65 миллиард доллардан ошди. Лекин
қатор соҳаларда шошилинч ўзгаришлар амалга оширилиши лозим. Қосим-Жўмарт Тўқаев
биринчи навбатда келажак иқтисоди яратиш учун юқори технологик ва энергияга
тўйимли пойдевор яратиш зарурлигига эътибор қаратди. Барча эҳтимоллар олдиндан
кўрилиши лозим. Шу жумладан, кучли ахборот марказлари ўрнатиладиган зоналарни
аниқлаш ва уларга тегишли инфратузилма уланиши керак.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз атом
электростанциялари қурилиши тугашини кутиб турмасдан янги энергетика
қувватларини ишга туширишимиз зарур. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ахборот
марказлари энергия сарфи бўйича металлургия комбинатлари билан тенглаша олади. Шунинг
учун энергетик таъминот давлат сиёсатининг энг муҳим қисми сифатида қаралиши
зарур. Қозоғистонда электроэнергия ишлаб чиқарилаётган 123,1 миллиард
киловатт-соат қувват режаларни амалга оширишга етмаслиги аниқ.
Улкан, 33 миллиард
тонна атрофида кўмир захираларига эга Қозоғистон ушбу стратегик активдан фаол фойдаланиши
зарур, дея таъкидлади Президент. Ҳукумат кўмир генерациясини ривожлантириш
дастурига Миллий тараққиёт лойиҳаси мақомини бериши керак. Шунингдек, Кўкшетау,
Семей, Ўскеменда ТЭЦ қурилиши жадаллаштирилиши зарур.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
- Курчатов
электростанцияси, ГРЭС-2 қўшимча энергоблоклари ўз вақтида ишга тушишини
таъминлаш, Экибастузда ГРЭС-3 қурилишини бошлаш талаб қилинади. Энергия тизими
барқарорлигини таъминлаш учун шошилинч равишда мувозанатловчи қувватларни ишга
тушириш керак бўлади. Биринчи навбатда, газ генерациясига эътибор керак. Табиий газ
салоҳияти янги конлар топиш ҳисобига кучайтирилиши мумкин.
Транспорт-логистика
мажмуаси ҳам алоҳида эътибор талаб қилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев автомобиль
йўлларини модернизация қилиш ва халқаро стандартларга мослаштириш зарурлигини
таъкидлади. Жорий йилда мамлакатда салоҳиятни кенгайтирувчи қатор лойиҳалар
амалга оширилди. Давалат раҳбари авиация ёрдамида юк ташишга эътибор қаратиш
кераклигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев қурултойда сув масаласига алоҳида
тўхталиб ўтди. Президент таъкидлашича, Шимолий Оролни тиклаш ишларини давом
эттириш зарур. Бугунги кунда Кўкорол тўғонини юксалтириш ишлари амалга
ошириляпти.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Аслини олганда, фақат
Орол эмас, Каспий, Балхаш, Иртиш тақдирини ҳал қилиш учун қўшнилар билан
муросага келиш, тегишли келишувларни имзолаш зарур. Сув – мамлакат учун
стратегик захира. Биз сув масаласи билан тизимли тарзда шуғулланишимиз керак.
Ўтган йили мен Халқаро сув ташкилоти тузишни таклиф қилдим. Биз бу масалани
Бирлашган Миллатлар ташкилотини ислоҳ қилиш давомида мунтазам илгари суришимиз
зарур.
Президент
мамлакатда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Миллий қурултойнинг
катта ўрин тутишини таъкидлади. Тўрт йил ичида қурултой иштирокчилари кўплаб
муҳим ташаббусларни илгари сурди, улар асосида Қозоғистонни янада
ривожлантиришга қаратилган 26 та қонун қабул қилинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

