Қозоғистон модернизациянинг янги босқичига чиқди

Қозоғистон модернизациянинг янги босқичига чиқди

Қозоғистон Президенти «Туркистан» газетасига катта интервью берди. Анъанага кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев январь ойи бошида оммавий ахборот воситалари вакили билан учрашувда ўтган йил якунларини чиқарди, кириб келган 2026 йилдаги асосий вазифаларни белгилаб берди. Мамлакат иқтисоди 6 фоиздан кўпроққа ўсди, ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард доллардан ошди, жон бошига ҳисоблаганда бу кўрсаткич 15 минг доллардан зиёд. Фақат мамлакатимиз эмас, минтақа учун ҳам мисли кўрилмаган ютуқ. Лекин эришилган марраларда туриб қолмаслик лозим. Ҳукумат ва ҳокимлар давлатнинг ижтимоий-иқтисодий каркасини мустаҳкамлаши лозим, дея таъкидлади Президент. Мамлакат транзит-логистика салоҳиятини мустаҳкамлайди. Бу эса — стратегик аҳамиятга эга вазифа. Қозоғистон  Евроосиёнинг транспорт хабига айланиши лозим.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Миллий чегаралардан ташқарига чиқиб кетган кенг транспорт тизимини яратишга муваффақ бўлдик. Океан йўлларидан узоқда бўлгани ҳолда, Қозоғистон Сариқ денгиздан Қора денгизгача юк терминаллари тармоғини шакллантира олди. Ҳудудимиз орқали 12 та: 5 та темирйўл ва 7 та автомобил халқаро транспорт йўлаги ўтади. Улар орқали Хитой ва Европа ўртасидаги юкларнинг 85 фоизи ташилади. Албатта, буларнинг ҳаммаси осонгина даромад топа оламиз дегани эмас. Бу соҳада рақобат кучайиб боряпти, чунки транспорт ва логистика геосиёсатнинг узвий қисмига айланди. Бу мавзу олий даражадаги музокаралар кун тартибидан мустаҳкам ўрин олди, Қозоғистон учун жуда муҳим аҳамият касб этди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев 2026 йил Қозоғистон тақдирини белгилашига ишонч билдирди. Шу йилда юз берадиган воқеалар узоқ йиллар давомида мамлакат қайси йўналишда ривожланишини белгилайди. Шу жумладан, конституциявий ислоҳот бўйича референдум ҳам. Президент таъкидлашича, шу қадар кўп ўзгаришлар киритиляптики, уларни янги Конституция қабул қилиш билан тенглаштириш мумкин. Иқтисодий ислоҳотлар ҳам ривожланишда давом этади, мамлакат Мустақиллигининг 35 йиллик йўли баҳоланади, янги режалар ишлаб чиқилади. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Жорий йилда олдимизда катта ишлар турибди. Кенг кўламли сиёсий трансформациянинг янги босқичи бошланяпти, иқтисодий ислоҳотлар давом этади. Мамлакатни модернизация қилишда ортга қайтиш имконсиз, жамиятимиз қиёфасини мутлақо ўзгартиришимиз зарур. Фуқаролар янги давр воқелигига кўникиши лозим. Бу осон вазифа эмас. Лекин халқимиз, айниқса ёшлар ҳамма нарсани уддалай олади. Бунга ишонаман. Жорий йилни Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили», деб эълон қилдим. Бу — мамлакатимиз учун тарихий имконият. Бу ҳақда аввал ҳам гапирганман. Рақамли трансформация ва сунъий интеллектни ҳаётга жорий этиш иқтисод ва турли, давлат  бошқарувидан таълим ва тиббиётгача бўлган йўналишларда катта имкониятлар очади.

Дават раҳбари ўзининг ташқи сиёсатдаги фаоллиги тўғрисида саволга ҳам жавоб берди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, ташрифлар ва музокараларнинг тиғиз графиги Қозоғистоннинг халқаро нуфузи ошганини, унинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида зарурлигини кўрсатади. Айни вақтда, ҳар бир музокара ортида аниқ иқтисодий натижалар бор. Мамлакат ўтган йили 70 миллиард доллар қийматга эга шартномалар имзолади. Умуман олганда, Евроосиё юрагида жойлашган Қозоғистон  томошабин бўлиб қололмайди. Халқаро муносабатларнинг асосий масалалари борасида мамлакат ҳар жиҳатдан мувозанатланган вазмин нуқтаи назарига эга.

Абдумалик Сарманов таржимаси