Экспертлар: Қозоғистон жаҳон саҳнасидаги ўрнини кучайтирмоқда

Экспертлар: Қозоғистон жаҳон саҳнасидаги ўрнини кучайтирмоқда

Қозоғистон – глобал даражадаги ўйинчи. Мамлакат нафақат Марказий Осиёда етакчи ўрин тутади, балки жаҳон сиёсатида ҳам асосий иштирокчига айланмоқда. Қирғизистон Жаҳон сиёсати институти директори Шерадил Бақтиғулов шундай фикр билдирди. Мисол сифатида у Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг АҚШ, Хитой ва Россияга яқиндагина қилган ташрифларини келтирди. Эксперт фикрича, Қозоғистон жуғрофий қўшничилик, мамлакатнинг бой геологик захиралари туфайли, шунингдек, бир қатор давлатларнинг геосиёсий ва геоиқтисодий ташаббусларидан келиб чиққан ҳолда, ўзининг прагматик ва пухта ўйланган ташқи сиёсатини шакллантиради. 

Шерадил Бақтиғулов, Қирғизистон Жаҳон сиёсати институти директори:  

- Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаевнинг жаҳон сиёсатидаги роли асосийлардан саналади. Қозоғистон етакчиси орқали Марказий Осиё давлатлари ўз умидларини, жаҳонда бўлаётган инқирозларга нисбатан муносабатини белгилаб олади.  

Қозоғистон раҳбари кейинги ойларда бир қатор ташрифларни амалга оширди, бу эса давлатнинг ўсиб бораётган дипломатик кучини тасдиқлайди. Озарбайжонлик сиёсатшунос Анастасия Лаврина шу фикрни айтиб ўтди.  C5+АҚШ саммитида Вашингтон Қозоғистонни Марказий Осиёнинг барқарорлаштирувчи маркази деб атади. Эксперт уқтиришича, бир пайтнинг ўзида мамлакат Кавказ давлатлари билан қўшма ташаббусларни илгари сурмоқда, бу эса транзит йўлакларни ривожлантириш ишини сиёсий даражада мувофиқлаштиришга имкон беради. Ушбу фаол ташқи сиёсат Астананинг мавқеини мустаҳкамлайди ва Қозоғистон глобал кучлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаётганини намойиш этади. 

Анастасия Лаврина, Озарбайжон Дипломатия академияси Тараққиёт ва дипломатия  институти илмий ходими: 

- Қозоғистон Марказий Осиё+АҚШ форматида асосий бенефициарлардан бири. Вашингтондаги учрашувда бу айниқса сезилди, негаки, АҚШ  Қозоғистонни минтақанинг барқарорлаштирувчи маркази ва энергетика, логистика, иқлим масалаларида стратегик ҳамкор деб атади. Марказий Осиё мамлакатлари орасида мувофиқлашув ўсиб бораётган бир пайтда Қозоғистон Қўшма Штатлар билан шерикликда жамоавий ташаббуслар координаторига айланяпти.  

Абдумалик Сарманов таржимаси