Наврўзнома – баҳорги янгиланиш тимсоли

Наврўзнома – баҳорги янгиланиш тимсоли

Қозоғистонда Наврўз 10 кун – 14 мартдан 23 мартгача нишонланади. Тантаналар Амал ёки Кўришиш кунидан бошланади, у бирлик ва янги йил бошланганидан дарак беради.

Гульжан Абилова, тарихчи:

- Ғарбий минтақаларда, Манғистауда Амал Наврўз байрамидан бир ҳафта олдин бошланади. Абай Қўнонбоев айтгани каби, бу кунда узоқ қишдан сўнг одамар учрашишади, қучоқлашади, гина-кудуратни унутади. Яъни, бу кун ярашиш ва бирлик куни ҳисобланади. 

Байрам тадбирлари бутун мамлакатда ўтяпти. Манғистауда у кенг кўлам касб этди. Ўтпан тоғида, 532 метр баландликда ўтовлар ўрнатилди, концертлар ўтказиляпти, «Бирлик гулхани» - халқ фаровонлиги тимсоли намойиш этилмоқда. 

Наврўзноманинг ҳар куни алоҳида мавзуга бағишланади. 15 март ғамхўрлик ва ўзаро ёрдам куни. Яхши қўшничилик ва ўзаро ёрдам тимсоли сифатида одамлар бўғирсоқ, Наврўз кўжаси улашади. 16 март – маданият ва миллий анъаналар куни. Жорий йилда Наврўзнинг дижитал форматда ўтаётгани ҳам муҳим. Алматида анъанавий емакларни дронлар ёрдамида тарқатишяпти, меҳмонларга гуманоид роботлар хизмат қиляпти.

Серикзат Дуйсенғази, шоир, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб:

- Наврўз  Президент олдимизга қўйган вазифаларга мувофиқ модернизацияланиши керак. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда биз уни дунё учун қизиқарли байрамга айлантиришимиз, халқаро даражага чиқишимиз зарур.

Наврўзноманинг тўртинчи куни оила ва авлодлар узвийлигига бағишланади. 17 март куни пойтахтда яшаётган 40 нафар кўп болали онага тантанали равишда «Олтин алқа» ва «Кумиш алқа» топширилгани рамзий мазмунга эгалиги сир эмас. 

Самал Мирзахметова, «Кумуш алқа» соҳибаси:

- Чанғароқ куни онанинг оиладаги ўрнини кўрсатади. Айнан ундан илиқлик ва ғамхўрлик анқийди, ҳамма нарса оила ўчоғидан бошланади. Она оилани бирлаштиради, анъаналарни авлоддан авлодга олиб ўтади.

18 март – маданий идентиканинг бир қисми бўлган миллий либослар куни. Миллий музейда ушбу мавзуга давра суҳбати бағишланди. Учрашув қатнашчилари анъанавий кийимларнинг аҳамияти ва рмзий маъноси ҳақида гапирди. Уларнинг яратилиши, шаклланиши, шу жумладан, бугунги кунда ҳам қўлланиши ҳақида фикр билдирди.

Булбул Капқизи, этнограф:

- Қизил ранг – шодлик тимсоли. Шунинг учун қизни янги ҳаётга, янги оилага узатаётганда анъанага кўра унга қизи кўйлак кийдиришган. Ушбу элементлар – соч безаклари, турли анжомлар келиннинг йўли очиқ, сафари енгил бўлиши учун ҳамроҳликка берилган.

Миллий музейда ташкил қилинган махсус кўргазмада эса миллий либосларнинг нозик жиҳатларини кўриш мумкин. У ерда XIX асрга оид еттита устки кийим ва бош кийимлар қўйилган.

19 март – янгиланиш куни. Қозоғистонликлар илдизлари ўтмишда бўлган анъаналарнинг замонамизга мослаштиряпти. Айниқса, либосларда буни яққол сезиш мумкин. Анъанавий бичим, орнаментларни замонавий дизайнерлик ечимлари билан уйғунлаштирган брендлар тобора оммалашиб боряпти.

Наврўзнома миллий спорт турларини ҳам оммалаштиряпти. Астанада 18 минг нафар бола бир вақтда ошиқ ўйнади. Флешмоб давомида болалар «олчи ошиқ» шакли ва «Олтин сақа» матнини акс эттирган композиция яратди.

Ғинаят Сиздиқов, «Ўркен» Астана шаҳар ҳокимлиги болалар ва ўсмирлар жисмоний тарбия маркази директори:

- Бугунги тадбирни сунъий интеллект олиб борди. Тадбир СИ имкониятларидан фойдаланиб ташкил қилинди. Бу ерда қатнашган уч минг нафар болага бошқалар бир вақтнинг ўзида экранда қўшилди, онлайн шаклда уланди, бошқа мактаблар ҳам шу вақтнинг ўзида ҳаракатга кўчди.

Наврўз  байрами Қозоғистон халқа ҳаётига дадил кириб келди, анъаналар ва технологияларни бирлаштирди. Мамлакат бўйлаб асл қозоқ спорт урлари бўйича беллашувлар ташкил қилинди. Асосий тадбирлар эса 21 март ва 22 март кунлари ўтказилади. Байрам тадбирлари 23 мартда, покизалик ва экологик маданият кунида якунланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси