Қозоғистонлик олимлар автойўл учун янги технологиялар кашф қиляпти

Қозоғистонлик олимлар автойўл учун янги технологиялар кашф қиляпти

Юртимиз олимлари фақат Қозоғистон эмас, дунёда тенги йўқ сувни сингдирмайдиган асфальт тақдим этди. Махсус аралашма туфайли автомагистраллар хизмат муддати 10-15 йилга узаяди. Ишланма баҳордан бошлаб мамлакатимиз йўлларида синаб кўрилмоқда. Мамлакат олимларининг яна бир инновацияси — ғилдирак изи тушишининг олдини олувчи модификатор.

Азамат Умаров, йўл қопламалари учун кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компания ишланма муаллифи-технологи:

- Барча ишланмаларимиз Қозоғистонда фойдаланиладиган материаллардан тайёрланган. Ўзимизнинг шағал, битум ишлатилади, иқлим, меҳнат шароити ва менталитет ҳисобга олинган. Ҳамма нарса шароитимизга мослаштирилган. Қиши қаҳратон Шимолий Қозоғистон, жазирама ёзи бор Жанубий Қозоғистон учун ҳам мос келади. Ғарбий Қозоғистонда шўр сув, мунтазам шамол эсиши ҳисобга олинган.

Қозоғистонда йўл-қурилиш материаллари ва янги технологиялар ягона базаси ишга туширилди. Унда 300 тадан зиёд ишланма рўйхатга олинган. 50 таси синовдан ўтди, трассаларда самарадорлигини тасдиқлади. Бунда фақат янги асфальт-бетон аралашмалари эмас, тупроқ стабилизаторлари ҳам бор. Улар йўл қопламаси узоқ хизмат қилишига, қурилиш ишлари жадаллашувига, харажатлар камайишига хизмат қилади.

Адия Жумағулова, «Қозоғистон йўл қурилиши илмий-тадқиқот инсититути» ҲЖ тадқиқотлар ва ишланмалар илмий маркази раҳбари:

– Айнан «яшил» мақомда тақдим этилган материалларнинг кўп қисми мамлакатимизда ишлаб чиқарилган. Умуман олганда, қурилиш материаллари ва технологиялари ягона базаси келажакда материалларимиз халқаро бозорда рақобатбардош бўлишини таъминлайди. Бизда ҳозир 190 тача ишланма мавжуд бўлса, уларнинг 70-80 таси синовдан ўтмоқда. Уларнинг барчаси Қозоғистон маҳсулоти.

Абдумалик Сарманов таржимаси