Қозоғистонда об-ҳаво прогнозини суперкомпьютер тақдим этади. «Қозгидромет» республика ҳудудини қамраб олган замонавий рақамли моделдан фойдаланади. Прогноз аниқлиги 80 фоизга тенг. Метеорологик маълумотлар халқаро ер йўлдошдан олинади. Сўнгра олинган маълумот мамлакат шароитига
мослаштирилади.
Амирхан Темирбаев, Farabi Supercomputer маркази директори:
— Қозоғистон ва Хитой ҳукуматлари
ўртасидаги шартномага мувофиқ 20 миллион доллар турадиган суперкомпьютер олинди. у Қозоғистон Миллий университетига қўйилди. Энди олис қишлоқлар аҳолиси ҳам аниқ об-ҳаво
маълумоти олиши мумкин. Бу жуда муҳим.
Янги тизим ҳар 2 километрли ҳудуддаги об-ҳавони ҳисоблаб беради. Аввалги усулда 16 километрли қадамлашдан фойдаланилган. Янги технология об-ҳаво инжиқликлари ва кутилмаган ўзгаришларини
юқори аниқликда кўрсатади. Мутахассислар олдинига бир ҳафта, кейин бир ой учун прогноз бериш ниятида. Бунинг учун махсус алгоритмлар ёзилади.
Ербулан Серикжанов, «Қозгидромет» республика давлат
корхонаси етакчи муҳандиси:
— 36 соатлик прогноз энди 3,5 соатда тайёр бўлади, авваллари
бунинг учун 10 соатдан кўпроқ вақт сарфланарди. Биз 7 соат тежаймиз. Янги модель
тошқинларни юқори аниқликда олдиндан айтиш имконини беради. Лекин, албатта, WRF тизими воситалардан бири холос, якуний прогнозни синоптиклар беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

