Қозоғистонда 5 та йирик трансчегара хаби яратилади. Улар халқаро савдо марказига айланади ва биринчи навбатда чегарадош давлат билан товар айланмасини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, уларнинг ишга тушиши нохомашё экспортининг учдан бир қисмга ошишига, компаниялар маҳсулот етказиб бериши учун имкон яратишга хизмат қилиши кутиляпти. Ҳукумат йиғилишида Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев таъкидлашича, бу ишлар 2030 йилгача транспорт-логистика салоҳиятини ошириш концепцияси доирасида амалга ошириляпти. Жетису, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон, Манғистау ва Туркистон вилоятларида чегараолди савдо-иқтисодий хаблари тармоғи яратиляпти. Шу кунларда муҳандислик-ишлаб чиқариш инфратузилмаси бунёд этиляпти. Хабларга темирйўл ва автомобил тармоқлари уланади.
Ўлжас Бектенов,
Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Транзит йўналишлар ва инвестициялар учун рақобат кучайиб бораётган бир вақтда биз транспорт инфратузилмаси, саноат кооперацияси ва савдо тармоқларини ривожлантиришимиз зарур. Трансчегара хабларининг тўлақонли ишга тушиши юклар ўтиши муддатини қисқартиради, ўтказиш, ишлаб чиқариш қувватини оширади, солиқ тушумлари ва экспорт ҳажмини кўпайтиради. Тизимли ёндашиш туфайли улар капитал ва янги ишлаб чиқаришларни жалб этадиган нуқталарга айланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

