Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон «яшил» энергетикани ривожлантиради

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон «яшил» энергетикани ривожлантиради

Қозоғистон Озарбайжон ва Ўзбекистон билан бирга «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича стратегик ҳамкорлик қилади. Мажилис тегишли шартномани ратификация қилди. Ҳужжат бу йўналишда уч томонлама ҳамкорликнинг барқарор моделини шакллантиришга, тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги узоқ муддатли фаолиятни ривожлантиришга қаратилган. Европага «яшил» энергия экспорт қилиш учун Марказий Осиё ва Озарбайжон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш режалаштириляпти. Ушбу мақсаддда қиймати тахминан 1 миллион еврони ташкил қилувчи лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тайёрланади.

Ерлан Ақкенженов, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:

- Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — Каспий денгизи остига барқарор ишловчи электр узатиш кабели ётқизиш. Бу бевосита Европа бозорига чиқиш имконини берувчи, техник жиҳатдан мураккаб, стратегик жиҳатдан ўта муҳим қарор. Лойиҳани ишга тушириш учун уч давлат энергетика идоралари Осиё Тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан тегишли шартномаларни имзолаган.

Абдумалик Сарманов таржимаси