Қозоғистон Президенти Халқаро Тинчлик
ва ишонч йилига бағишланган форумда қатнашиш учун Ашхободга келди. Давлат раҳбарини Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули
Бердимуҳамедов
кутиб олди. Форум кун тартиби ва икки томонлама алоқаларни муҳокама қилинди. Сўнг Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистон
Президенти билан учрашди. Давлат раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни ва туркман халқини доимий нейтралитетнинг 30 йиллиги билан табриклади.
Давлат раҳбарлари ҳамкорлик истиқболларини кўриб
чиқди, ўзаро савдо, энергетика, транспорт-логистика ва қишлоқ хўжалигидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама
қилди. Қозоғистон Президенти бу йўналишлар тўғрисида форумда батафсил гапирди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон «Ўрта йўлак»ни ривожлантириш ва ягона транспорт тизими яратишга катта эътибор
қиляпти. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев халқаро барқарорлик ва хавфсизликни
таъминлаш учун стратегик мувозанатни
тиклаш, адолатли тартиб ўрнатиш зарурлигини билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
–
Бу борада Қозоғистон Украинадаги зиддиятлар бўйича музокараларнинг фаоллашини
қўллайди. Яқин Шарқ бўйича шартнома тузилганини қутлаймиз. Қозоғистоннинг
Иброҳим шартномаларига қўшилиши минтақададги вазиятни барқарорлаштиришга имкон
қадар ёрдам бериш истагидан келиб чиқди. Айни вақтда, Қозоғистон узоқ чўзилган
ҳарбий-сиёсий бўҳронни бартараф этиш фактори сифатида мустақил Фаластин давлати
тузилиши тарафдори. Фикримизча, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тинчлик
тўғрисида қўшма декларация имзоланиши ўта муҳим.
Тинчлик
ҳақида гапираркан, Қозоғистон Президенти эътиқодлар, этнослар ва маданиятлараро
мулоқотни мустаҳкамлаш зарурлигига урғу берди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев мамлакатимизда йигирма йилдан буён нуфузли ўзаро алоқа майдончасига
айланган Жаҳон ва анъанавий эътиқодлар съездлари ўтказилаётганини
эслатди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
– Яқинда Астанада бўлиб ўтган VIII Съездда Қозоғистон «Тинчлик
сари ҳаракат» номини олган ташаббус билан чиқди. У ҳарбий зўравонликка барҳам
бериш, келажак авлод қаршисидаги жамоавий масъулиятни ҳис қилган ҳолда тинч
ечимлар ахтаришга чақириқдан иборат.
Президент экология, сув захираларидан унумли фойдаланишга
эътибор қаратди. Бунинг учун Қосим-Жўмарт Тўқаев БМТ
Халқаро сув ташкилотини бунёд этишга чақирди. У мазкур йўналишда глобал
дипломатия билан шуғулланади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
– UN-Water идоралараро механизмини БМТнинг тўлақонли
ихтисослашган агентлиги ёки ташкилотига айлантириш энг мақбул вариант бўлиши
мумкин. Бу ташаббуснинг рўёбга чиқарилиши БМТ барқарор мақсадларига мувофиқ, ва,
албатта, халқаро ҳамжамият манфаатларига мос келади. Келаси йилнинг апрель
ойида Астанада Минтақавий экологик саммит ташкил қилинади, унда Қозоғистон глобал сув ташкилоти яратиш бўйича халқаро
маслаҳатлар жараёнини бошлаш ниятида.
Қозоғистон Президенти Ашхобод форуми барча тегишли
давлатлар орасида бунёдкорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашига ишоч билдирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

