Қозоғистон
Президенти Астанани ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича,
пойтахт тезкор ечимлар ва юқори суръатли ўсиш шаҳрига айланяпти. Инвестиция, қурилиш,
кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш. Прогнозларга кўра, Астана иқтисоди 2025
йилда 30 миллиард доллардан ошади. Давлат раҳбари таъкидлашича, пойтахт бошқа
минтақалар учун намуна бўлиши шарт. Астана сўнгги даврда сезиларли даражада
ўзгарди, унинг гўзаллиги ва шинамлигини барча меҳмонлар, шу жумладан, ХХР раиси
Си Цзиньпин кўрсатиб ўтди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Индекс Oxford
Economics 2025 шундай маълумот берди. У дунёнинг 1000 тадан зиёд йирик шаҳрида
тадқиқот ўтказди. Иқтисод, инсон капитали, турмуш сифати, атроф-муҳит ва
бошқарув каби бешта йўналишда баҳолади. Астана Осиёда 36- ва дунё бўйича 276-ўринни
эгаллади, минтақамиздаги машҳур шаҳарлардан олдинга ўтиб олди. Лекин
хотиржамликка эрта, бизда катта салоҳият бор. Мунтазам илгарилашимиз зарур.
Давлат раҳбари
сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор
зарур, деб ҳисоблайди. Астанеада Smart City лойиҳаси ишга тушди. Яқинда видеокамералар
ва шаҳар хизматларини мувофиқлаштирувчи Тезкор бошқарув маркази фаолиятини
бошлайди. Майдонча ишлай олиши учун Маълумотларни қайта ишлаш маркази қуриляпти.
Рақамли инфратузилма имкониятларидан жамоат тартибини сақлашда ҳам
фойдаланиляпти. Президент таъкидлашича, шу каби майдончалар барча йирик
шаҳарларда ишга туширилади.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Транспорт-логистика
инфратузилмаларини янада ривожлантириш муҳим. Шаҳар муҳити сифатли ва қулай инфратузилма
билан таъминланиши керак. Жорий йилда 2035 йилгача мўлжалланган Астана транспорт
тизимини ривожлантириш мажмуавий дастури қабул қилинди. Йўловчилар ташишда
жамоат транспорти улушини ошириш зарур. ЛРТ лойиҳаси ўта муҳим. Яқинда у тўла
ишлай бошлайди. ЛРТ тармоғини кенгайтириш режаларини қўллаб-қувватлайман. У
йўллардаги тиқинларни камайтиради. Ҳукуматни молиялаштириш масаласини устувор
тартибда ҳал қилиши керак.
Астана
транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун янги аэропорт қуриш имкониятини ҳам
кўриб чиқиш керак, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Ҳукумат ҳокимлик билан
бирга бу масалани ўрганиши ва аниқ таклифлар киритиши зарур. Айни вақтда шаҳар
сув таъминоти, тозалаш иншоотлари, коммуникацияларга тушаётган юклама ортиб
боряпти. Белгиланган муддатда тўртинчи ичимлик сув станцияси ишга тушиши лозим,
деди Давлат раҳбари. Шунингдек, янги подстанциялар қурилишини жадаллаштириш
керак. Пойтахтда янги поликлиника ва мактаблар фойдаланишга топширилади. Бундан
ташқари, Президент Астана ва бошқа йирик мегаполислар яқинида экопарклар бунёд
этишни топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

