Қозоғистон модернизация жараёнининг янги босқичига ўтяпти, ундаги
ислоҳотлар узоқ муддатили натижалар учун ишлаши лозим. Қосим-Жўмарт
Тўқаев Turkistan газетасига берган интервьюсида шу ҳақда гапирди.
Экспертлар таъкидлашича, 2025 йилнинг макроиқтисодий натижалари танланган
йўлнинг тўғрилигини кўрсатди. Президент интервьюсида минтақалардаги янги иш
ўринлари ўсиш манбаи сифатида транспорт-логистика салоҳиятини ҳамда агросаноат
мажмуасини ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратди. 2026 йил Рақамлаштириш
йили, деб эълон қилди. Янги технологиялар ва сунъий интеллект самарадорлик ва
инсон капиталини ривожлантириши зарур.
Анна
Альшанская, Қозоғистон
Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти
Таҳлил бўлими раҳбари:
- Менимча, бизнинг ижтимоий, инсон капиталини ривожлантириш
сиёсатимиз иқтисодий ривожланишдаги миллий устуворликлар билан ўзаро боғланиши,
уйғунлашиши керак. Яъни, рақамлаштириш ва сунъий интеллект ҳаётнинг барча
соҳаларида мавжуд бўлганлиги боис самарадорликни таъминлаш ва оширишнинг муҳим
факторига айланиши керак.
Яна бир стратегик йўналиш — қишлоқ хўжалиги, у
ҳам бевосита фуқаролар фаровонлиги билан боғланган. Президент
Turkistan газетасига берган интервьюсида агросаноат мажмуаси самарадорлигини
ошириш, қишлоқ хўжалиги кооперациясига қайтиш кераклигини таъкидлади. Давлат
раҳбарининг фикрича, соҳага салмоқли ҳажмда давлат ёрдами бериляпти, бугуннинг
асосий вазифаси — унинг имкон қадар юқори самара беришига ва экспорт салоҳияти
ошишига эришиш.
Акпар Мауленов, Қозоғистон Фермерлар ҳамжамияти бошқаруви раиси
ўринбосари:
- Ҳозир Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2030 йилгача чорвачиликни ривожлантириш
мажмуавий режаси устида ишлаяпти. Биз ўз таклифларимизни бердик. Уни ҳали
муҳокама қилиш лозим. Зеро, Бош вазир чорвачиликни ривожлантириш ва гўшт
экспортини ошириш бўйича қатор топшириқлар берди. Менимча, ўзгаришлар бўлади.
Президент таъкидлашича, зироатчиликда ўзгаришлар бор, биз мўл ҳосил оляпмиз. Уни
бемалол экспорт қилиш мумкин, харидорлар кўп.
Абдумалик Сарманов таржимаси

