Қозоғистон газ инфратузилмасини кенгайтиради

Қозоғистон газ инфратузилмасини кенгайтиради

Геологоразведка, газни қайта ишлаш қувватларини ошириш, инфратузилма қурилиши. QazaqGaz компанияси етакчиси асосий лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва устувор иш йўналишлари тўғрисида Қозоғистон Президентига ҳисобот берди. Алибек Жамауовнинг айтишича, захиралар базасини кенгайтириш мақсадида Амангельди гуруҳидаги Бархан кони ишга тушди, Жамбил вилоятидаги Малдибай конида ишлар фаол давом этяпти. Айни вақтда, мамлакат ичида «зангори олов» истеъмоли ортаётганини ҳисобга олган ҳолда, компания шаҳар ва қишлоқларни, шу жумладан, Астана ва унинг агломерациясини газлаштиришга киришди. Ўтган йилнинг ўзида тўрт юз минг нафардан зиёд қозоғистонлик ундан фойдаланиш имконига эга бўлди. 2025 йилнинг яна бир муҳим натижаси — Талдиқўрған – Ушарал газопроводи қурилиши муддатидан салкам бир ярим йил илгари тугатилди. Шунингдек, йирик инфратузилма лойиҳалари, шу жумладан, Бейнеу – Бўзўй – Чимкент магистрал газопроводининг иккинчи линияси ва Қашағандаги қуввати йилига 1 миллиард куб метр бўлган газни қайта ишлаш заводи қурилиши тўғрисида алоҳида маълумот берилди. QazaqGaz етакчиси таъкидлашича, Aqyl Energy ташаббуси доирасида СИ ва маълумотлар аналитикасидан фойдаланган ҳолда газ таъминотини ҳисобга олиш ва бошқариш жараёнлари фаол рақамлаштириляпти.

Алибек Жамауов, «Qazaqgaz» ҲЖ бошқаруви раиси:

- Энг асосий устуворлигимиз – аҳоли ва мамлакат иқтисодини газ билан мунтазам таъминлаш. Бу йўналишда ўз мажбуриятларимизни тўла бажаряпмиз. Тегишли контрактлар, шу жумладан, Саралжин участкасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома имзоланган. Истиқболли Каменковский блокини бирга тадқиқ қиамиз. Северний-1 участкасида биргаликда ишлаш ҳақида келишувга эришдик. Қабул якунига кўра Президент қатор топшириқлар берди.

Абдумалик Сарманов таржимаси