Бугун янги Конституция бўйича референдум участкалари дунёнинг ўнлаб давлатларида ишлаб турибди. Улар мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналарида ишлаяпти. Энг аввал Жанубий Корея ва Япониядаги қозоғистонликлар овоз берди. Токиода, эрта тонгда «Ниҳўн» университети талабаси Жибек Айдин фуқаролик масъулиятини намойиш қилди. У мазкур қарор Қозоғистоннинг барқарор ва фаол ривожланишига хизмат қилишига ишонади.
Жибек Айдин, Қозоғистон фуқароси:
– Мен бугун янги Конституция бўйича республика референдумида қатнашиш учун келдим. Ушбу қарор мамлакатимизнинг янада ривожланиши учун муҳим. Буни ўзимнинг фуқаролик бурчим, деб ҳисоблайман. Шундай кунларда ҳар бир инсон фаоллигини намойиш қилиши зарур. Бу биз учун шунчаки овоз бериш эмас, масъулият ҳам.
Бақитжан Суюндиков, 425-референдум участкаси комиссияси раиси /Токио/:
– Токиодаги №425 референдум участкаси маҳаллий вақт билан соат 7 да иш бошлади. Ҳозир овоз бериш жараёни давом этяпти. Қозоғистон Республикаси қонунчилигига кўра, Японияда вақтинча яшаётган фуқаролар учун конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Биз кўпчилик келишини кутяпмиз, чунки овоз бериш учун элчихонада рўйхатдан ўтган юртдошларимиз, айниқса ёшларимиз жуда кўп.
Қозоғистонликлар Хитой, Сингапур, Монголия, Малайзия, Таиланд, Вьетнам, Индонезия, Ҳиндистон, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Марказий Осиё давлатлари, Покистонда овоз берияпти. Саида Жанпеисова 8 йилдан буён Исломободда яшайди. У ўз фикрини билдириш учун участага келганини таъкидлади.
Саида Жанпеисова, Қозоғистон фуқароси:
- Бугун мен Қозоғистон элчихонасига келдим ва янги Конституция бўйича референдумда овоз бердим. Юртимдан узоқда бўлсам ҳам, овоз беришни ўзимнинг бурчим, деб биламан. Ўз фикримни, қароримни билдиришим зарур.
Бангкокдаги 453-референдум участкасида Қозоғистон Миллий Олимпиада қўмитаси ҳамда World Boxing халқаро ташкилоти президенти Геннадий Головкин овоз берди. У мамлакат учун муҳим қарорлар қабул қилинишида фуқароларнинг иштироки ўта муҳимлигини таъкидлади. Референдум мамлакат тараққиёти ва мустаҳкамланиши учун зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

