Қозоғистон ва Россия Президентлари бугун телефон орқали суҳбатлашди. Анъанавий тарзда дўстона ва ишонч муҳитида ўтган суҳбатда Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин икки давлат ўртасидаги кўпқиррали муносабатларни ривожлантириш аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилди. Давлат раҳбарлари юқори даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётганини, маданий-гуманитар алоқалар ва илмий-таълимий ташаббусларни чуқурлаштириш борасидаги ишларни алоҳида тилга олди. Суҳбат давомида, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев яна бир бор Россия президентига давлат ташрифи билан Қозоғистонга келиш таклифини билдирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

