Астанада турли этнос вакиллари Наврўзни нишонлади

Астанада турли этнос вакиллари Наврўзни нишонлади

Юртимизда тинч-тотув яшаётган барча этнослар вакиллари баҳор байрамини биргаликда нишонлади. Қозоғистон халқи ассамблеяси Наврўз байрами шарафига халқ сайли ташкил қилди. Шу ернинг ўзида оппоқ ўтовлар ва анъанавий ҳалинчак – алтибақан ўрнатилди, меҳмонлар учун миллий таомлар тортилди. Юртимизнинг бирлик, янгиланиш, илиқлик муҳитини баҳам кўраётган, унинг бир қисмига айланган этномаданий марказлар турфа либослар ва мусиқий композициялар тақдим этди.

Садиқ Тилеген, Қозоғистон халқи ассамблеяси аъзоси:

– Бу – барча халқларнинг умумий байрами. Уни фақат шарқ халқлари эмас, Европада ҳам нишонлашади. Қозоғистонда яшаган дипломатлар юртимиз анъаналарини ҳурмат қилади, биз билан миллий байрамларни нишонлайди.

Наврўз байрами тантаналарида миллий спорт турлари алоҳида ўрин тутди. Майдончада оғир атлетика, тош кўтариш, қозоқ кураши, арқон тортиш ва асиқ ату беллашувлари ўтказилди.

Саламат Ақиқат, беллашув қатнашчиси:

– Биз 15-16 ошиқни ўртага қўямиз, уларни навбати билан уриб чиқарамиз. Агар айланадан чиқмай қолса, унгача бўлган масофа ўлчанади. Ким кўпроқ уриб чиқарса – у ғалаба қилади. Аниқ отиш бу ўйинда ўта муҳим. Халқ спорти менга ёқади, асиқ ату ўйнайдиган яқин дўстларим жудаям кўп.

Абдумалик Сарманов таржимаси