Қозоғистонда мавжуд
бўлган 8 та сув-хўжалик ҳавзасининг 7 тасидаги 58 та дарё трансчегара
ҳисобланади. Хитой, Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда сув
захираларидан фойдаланилади. Трансчегара дарёларни муҳофаза қилиш, улардан
фойдаланиш ҳукуматлараро келишувлар доирасида ҳал қилинади. Шу жумладан, Қозоғистон
– Россия комиссияси доирасида тўртта дарё бўйича иш юритилади. Мутахассисларимиз
маҳкамалалраро ишчи гуруҳ таркибида Россия ҳудудидаги Ириклинск сув омборини
бошқаришда ҳам қатнашади. Хитой билан Улькен Уласти дарёси ўзанида сув
тақсимоти иншооти қуриш тўғрисида келишиб олинди. Ўтган йили Ўзбекистон билан
трансчегара сув объектларидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида янги шартнома
тузилди. Натижалар чакки эмас: Шимолий Оролга 6 миллиард куб метр сув қуйилди, сув
ҳавзаси ҳажми 23 миллиард куб метрга етди. Бу йўналишда Жаҳон банки билан бирга
иш олиб бориляпти.
Нурлан Алдамжаров, Қозоғистон
Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари:
– Ушбу халқаро шартномаларда иштирок этишимиз Қозоғистоннинг сув
захираларидан барқарор ва самарали фойдаланиш, сув экотизимларини муҳофаза
қилиш, қўшни давлатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни давом эттириш ниятида
эканлигини кўрсатади. Қозоғистон Хельсинки конвенцияси
бўйича БМТ Европа иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик қиляпти, Конвенция Бюросида
унинг вакили бор. Бу мамлакатнинг халқаро кун тартибини шакллантиришда, трансчегара
сув ҳамкорлиги бўйича қарорлар қабул қилишда фаоллигини кўрсатади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

