Бир палатали Парламентда
қонунларни қабул қилиш жадаллаштиради. Экспертлар фикрича, бу тажриба кўплаб
давлатларда синовдан ўтган. Бугунги кунда жами 100 тадан зиёд мамлакатда бир
палатали Парламент ишлаб турибди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Миллий
қурултойнинг бешинчи йиғилишида Қозоғистоннинг қонун чиқарувчи органини «Қурилтай»,
деб номлаш тўғрисида таклиф билдирди. Унда 145 депутат жамланади. Депутат бўлиб
сайланиш учун бирорта партияга аъзо бўлиш зарур. Ўз номзодини кўрсатиш тизими
бекор қилинади. Янги парламентда Президент ва Қозоғистон халқи Ассамблеяси квотаси
кўзда тутилмаган.
Айгул Қуспан, Қозоғистон
Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
- Биринчидан,
парламент бир палатали бўлади, у пропорционал тизим асосида сайланади. Яъни, фақат сиёсий партиялар ўзини тақдим эта
олади. Бунинг учун сиёсий ташкилот сайловчиларнинг камида 5 фоизининг овозини
йиғиши керак. Партиялар тизими ривожланишда давом этади. Ҳозир парламентда 6 та
партия бор, яқин келажакда улар сони икки марта ошиши мумкин.
Айни вақтда,
Қозоғистонда Халқ кенгаши ташкил қилинади. У Миллий қурултой ва ҚХА ўрнини
босади. Барча этнослар, минтақалар ва жамоат ташкилотлари фикрини тақдим этувчи
олий консультатив органга айланади. Таркибида 126 аъзо бўлади. Экспертлар
бундан мақсад фақат фикр алмашиш эмас, фаол фуқароларни ягона мақсад учун
бирлаштириш, деб таъкидлади.
Алуа Жолдибалина,
Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар
институти директори ўринбосари:
- Буни бир сўз
билан халқ анжумани, дейиш мумкин. Унинг ваколатлари ҳали тўлиқ белгиланмади. У
энг камида Миллий қурултой даражасидаги мулоқот майдончасига айланади. Яъни, кўплаб
ислоҳот, қонун лойиҳалари, ташаббуслар ва янгиликлар унда муҳокама қилинади.
Фуқароларнинг
шахсий рақамли маълумотлари қонун даражасида муҳофаза қилинади. Давлат раҳбари
Миллий қурултойда буни алоҳида кўрсатди. Фуқароларнинг рақамли маълумотлари
ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланади. Мутахассисларнинг айтишича, ҳар бир одам ўзи
ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишга чеклов қўя олади. Конституциявий
ислоҳотнинг янги намунасида рақамли хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор
берилади.
Ғасир Қуралбай,
IT мутахассиси:
- Рақамли
маълумотларни муҳофаза қилиш масаласи шунчаки техник ёки соҳага оид масала
эмас, инсон ҳуқуқи даражасига кўтарилди. Рақамлаштириш, сунъий интеллект даври
бошланди деймиз. Эҳтимолий хатарлардан ҳуқуқий даражада муҳофазаланамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

