Қозоғистон Президенти Астанадаги Ўқувчилар саройида жойлашган 51-участкада янги Конституция лойиҳаси бўйича республика референдумида овоз берди. Давлат раҳбари мазкур референдумнинг мамлакат келажаги учун муҳимлигига эътибор қаратди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Барчангизни табриклайман, ушбу кун мамлакат тақдирини белгилайди. Конституция – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи тарихий ҳужжат, у ўта муҳим аҳамиятга эга. Янги Конституция мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетини қайд этади. 1995 йилда қабул қилинган Конституция етарлича хизмат қилди. Мамлакат 35 йил давомида мазкур ҳужжат асосида яшади, лекин вақт тўхтаб турмайди. Янги Асосий қонун қабул қилиш вақти келди.
Сўнгра Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказди. У конституциявий ислоҳотнинг асосий мақсад ва вазифалари, халқаро масалалар бўйича саволларга жавоб қайтарди. Jibek Joly телеканали мухбири Президентдан вице-президент лавозими жорий этиш қанчалик зарурлигини сўради. Чунки баъзи экспертлар конституциявий ислоҳотни ҳокимиятни топшириш, президент сайловларига тайёргарлик сифатида кўряпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Баъзи экспертлар Қозоғистонда ҳокимият учун рақобат кучайиб бораётгани, безовта қилувчи турли тенденциялар пайдо бўлаётганини тахмин қилди. Лекин бу нарса жамиятга салбий таъсир кўрсатишидан хавотирланишга асос йўқ. Вице-президент лавозими таъсис этилиши давлат ҳокимияти институтларини мустаҳкамлайди. Келажакда бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Мен Президент сифатида бу лавозимга, умуман, ислоҳотларга умид билан қарайман.
Абдумалик Сарманов таржимаси

