Қозоғистон
ва Покистон ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш ниятида.
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Бош
вазир Шаҳбоз
Шариф ўртасидаги музокараларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласи
муҳокама қилинди. Давлат раҳбари ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 34-йилидаги ташриф рамзий маънога эгалигини
таъкидлади.
Бу Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон
Президенти сифатида Покистонга қилган биринчи ташрифи. У Астана ва Исломобод
ўртасидаги муносабатларга янги туртки беришга чақирди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев мустақилликнинг илк йилларидан буён Покистон Жанубий Осиёдаги
муҳим ва ишончли ҳамкор бўлганини таъкидлади. Ўз навбатида Шаҳбоз Шариф
Исломободнинг Астана билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканлигини
таъкидлади. Қозоғистон учун дунё бозорига муқобил йўл очиши мумкин бўлган
транспорт-логистика ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
-
Биз Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари имкониятларини кўриб чиқдик. Устувор
масалалар қаторида Транскаспий транспорт йўлаги, Афғонистон орқали ўтадиган
транзит йўналимшлар ҳам кўриб чиқилди. Бу контекстда томонлар Қозоғистон –
Туркманистон – Афғонистон – Покистон йўналимши бўйлаб темирйўл лойиҳасини
рўёбга чиқариш масаласини муҳокама қилди.
Томонлар
агросаноат мажмуасида қўшма корхоналар яратиш масаласини кўриб чиқди. Қишлоқ
хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика ва қурилиш материаллари ишлаб
чиқариш муҳим, дея таъкидлади Қозоғистон Президенти. Мамлакатлар СИ ва рақамли
технологияларни ривожлантиришда ҳам бирга ишлай олади. Буларнинг ҳаммасига
сармоя керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
-
Покистон – Ислом молиялаштириши борасида дунёда пешқадам давлатлардан бири.
«Астана» халқаро молия марказида Евроосиё
ҳудудида ҳалол молия хизматлари кўрсатиш учун ҳамма имкониятлар бор. Покистон
ташкилотлари бундан бемалол фойдалана олади. Биз инвестициявий ҳамкорликка ҳам
эътибор қаратдик. Бугунги кунда «Самруқ-Қазина» ва «Фаужи» жамғармалари аниқ
лойиҳаларни рўёбга чиқаришга қаратилган Қўшма инвестициявий майдонча таъсис
этди. Қозоғистон Покистон инвесторларига имкони борича қулай шарт-шароит
яратишга тайёр.
Музокараларнинг
асосий якуни - Қозоғистон ва Покистон ўртасида стратегик ҳамкорлик ўрнатиш
тўғрисида қўшма декларация бўлди. Шунингдек, саноат, тоғ-кон саноати, транспорт
ва логистика, савдо, фитосанитария, рақамлаштириш билан боғлиқ қатор
ҳукуматлараро шартномалар имзоланди. Мамлакатларнинг БМТ тинчлик ўрнатиш
миссияларида бирга қатнашиши тўғрисида меморандум қабул қилинди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Покистон Президенти Асиф Али Зардорий
билан музокара ўтказди. Суҳбатдошлар икки томонлама алоқалар бўйича фикр
алмашди, ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги йўналишларини белгилаб олди.
Ислободда
бўлиб ўтган тантанали маросимда Қосим-Жўмарт Тўқаевга
Покистоннинг олий давлат мукофоти топширилди. Nishan-e-Pakistan орденини
Покистоннинг Президенти ва Бош вазири тақдим этди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

