Қозоғистон Президенти референдумдан кейин ёшлар билан учрашди

Қозоғистон Президенти референдумдан кейин ёшлар билан учрашди

Қозоғистон Президенти республика референдуми арафасида ташвиқот кампаниясида фаол иштирок этган ёшлар ташкилотлари вакиллари билан учрашди. Улар бир ой ичида 1,5 миллион нафардан зиёд қозоғистонлик қатнашган 5 мингтадан зиёд турли тадбирлар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев уларга миннатдорчилик билдирди, янги Конституция мамлакат, ёшлар келажагини таъминлашга қаратилганини билдирди. Давлат раҳбари таъкидлашича, Асосий қонунда волонтёрлик фаолияти, фан, инновация ва сунъий интеллект каби тушунчалар киритилган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

– Бу кун мамлакат солномаларидан абадий ўрин олишига шубҳа йўқ. Эндиликда 15 мартКонституция – мамлакатнинг Бош  қонуни куни сифатида нишонланади. Кўп давлатлар конституцияси билан танишман. Ишонч билан айта оламанки, бизники энг тараққий этган ҳужжатлардан бири.

Сўнгра Президент республика референдуми давомида ўтказилган экзит-полл билан танишди ва баёнот берди. Қосим-Жўмарт Тўқаев бу жараённи юқори баҳолади, очиқ ва адолатли, барча демократик меъёрларга мос эканлигини таъкидлади. Давлат раҳбари мамлакатимизнинг ва хорижий кузатувчиларнинг хулосаларига асосланган ҳолда қонун талабларига тўла риоя этилганини, овоз бериш муваффақияти ҳам буни тасдиқлашини кўрсатиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти: 

- Қозоғистон  янги Конституция фойдасига ўз йўлини танлади. Шу тариқа, халқимиз умумхалқ овоз бериш йўли билан Қозоғистон тарихи ва тақдирини ўзгартирди. Сизнинг иродангиз жаҳон солномаларида қолади. У юртдошларимизга хос ватанпарварликнинг рамзига айланди. Мамлакатни янгилаш ва модернизациялаш учун овоз бердик. У бизнинг умумий бойлигимиз. Барчангизни мазкур муҳим воқеа муносабати билан самимий табриклайман!

Абдумалик Сарманов таржимаси