Қозоғистон IT-экспорти ҳажми 1 миллиард доллардан ошди

Қозоғистон IT-экспорти ҳажми 1 миллиард доллардан ошди

Қозоғистон IT-экспорти ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Ўтган йили 100 тадан зиёд Қозоғистон стартапи хорижий бозорларга чиқди. Лойиҳаларни тайёрлаш ва уларни илгари суришда Astana Hub катта ўрин тутди. Етти йил давомида у 840 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб қилди. Майдончада икки мингтадан зиёд IT-компания фаолият юритяпти. Инновациявий кластер Евроосиё Иқтисодий иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари мутахассислари Силикон водийсидаги Google, Draper University ҳамда AlchemistX глобал акселератори билан ҳамкорлик қилиши учун имконият яратди.


Жамбул Махметов, Astana Hub  бошқарувчи директори:


Бизда 10 тадан зиёд турли йўналишдаги акселерация дастури бор. Шу жумладан, акселерация соҳасидаги байроқдор дастурлар - Silkway Accelerator ҳамда Google for Startups мавжуд. Яъни, биз турли соҳаларда аниқ нуқталарни кўзда тутган дастурлар яратяпмиз. Сунъий идрок соҳасида Aipreneurs дастури очилган. Smart City бобида шаҳар учун ақлли ечимлар яратиляпти. Саноат 4.0. дастурида ер ости бойликларидан фойдаланувчи компаниялар билан ишлаймиз. Ҳар йили Astana Hub орқали 150 тагача шундай дастурлар ўтади.


Технопарк резидентлари СИ-агентлар бўйича ҳам фаол тадқиқотлар ўтказяпти. Турли соҳалардаги AI-ёрдамчиларга, шу жумладан, етакчи хорижий компаниялар томонидан, талаб тобора ортиб боряпти. Бексултан Аукеновнинг стартап майдончаси қизиқиш уйғотди. Унга ҳуқуқий, молиявий, бухгалтерия ва солиқ тизимлари киритилган.


Бексултан Аукенов, Ай-Ти ишланма муаллифи:


Биз 10 тадан зиёд компания билан ҳамкорлик қиламиз. Акселератор туфайли битта тўлақонли контракт имзоланди. Ҳозир Kashagan B.V компанияси билан келишувга эришиш арафасидамиз, яна иккита пилот шартнома бор. Энг катта мижозларимиздан бири Буюк Британиядаги  «Galvani Bioelectronics» компанияси. У фармацевтика билан шуғулланади, Google ва GSKга қарашли компания. Бу мижозларга нимаси билан фойдали? Чунки кўплаб агентлар ходимлар ишини осонлаштиради, жадаллаштиради, хавфсизликни таъминлайди. Биз компаниялар учун локал муҳит яратамиз, ходимларнинг самарадорлигини 40-70 фоизга оширамиз.


Абдумалик Сарманов таржимаси