Хорижий матбуот Қозоғистон устуворликлари тўғрисида ёзади

Хорижий матбуот Қозоғистон устуворликлари тўғрисида ёзади

Хориж матбуоти Қозоғистон Президенти - Қосим-Жўмарт Тўқаев Миллий қурултойда кўтариб чиққан ислоҳотлар ҳақида шарҳ ва таҳлилий мақолалар эълон қилишда давом этмоқда. Belsat нашрида таъкидланишича, юртимизда сиёсий тизимни модернизациялаш ҳукуматнинг ҳисоб берувчилик қобилиятини кучайтиришга, парламент институтининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган. Беларусь ОАВда берилишича, Давлатимиз раҳбари томонидан таклиф қилинган ислоҳотлар Қозоғистон мамлакат бошқарувининг янада мувозанатлашган моделига интилишини акс эттиради.

Покистондаги MENAFN нашри президент ташаббусларининг амалий жиҳатларига эътибор қаратган. Мақолада айтилишича, Қозоғистон Президенти асосий энергетик лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштиришга чақирган, уларни миллий энерготизим барқарорлиги учун ўта муҳим, деб атаган. Гап Кўкшетау, Семей ва Ўскемендаги янги ТЭЦлар қурилиши, Курчатовда электр станцияси қурилиши тугалланиши, шунингдек, Экибастуздаги ГРЭСни кенгайтириш ва янги қувватларни ишга тушириш устида кетмоқда. Аналитиклар фикрича, бундай ёндашув ислоҳотлар нафақат сиёсий ўзгаришларга қаратилганини, балки аниқ ижтимоий-иқтисодий натижаларга йўналтирилганини намойиш қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси