Франциянинг тревел-лойиҳаси Қозоғистон ҳақида ҳикоя қилди

Франциянинг тревел-лойиҳаси Қозоғистон ҳақида ҳикоя қилди

Франциянинг M6 телеканалида машҳур «Пекин Экспресс» тревел-лойиҳасининг навбатдаги сони чиқди, у Қозоғистонга бағишланган. «Муз йўли», деб аталган дастур томошабинларни Қозоғистоннинг бой маданияти, анъаналари, бетакрор табиий ландшафтлари билан таништиради. Иштирокчилар саёҳат қилади ва ўзаро топқирлик, мулоқотга очиқлик бўйича беллашади, қозоқ ноз-неъматлари таъмини кўради, анъанавий қўшиқларни куйлайди, турли спорт турлари бўйича мусобақа қилади. Улар маҳаллий аҳоли уйларида тунайди, қозоқ меҳмондўстлигини ўрганади. Суратга олиш даврида жамоа Астана, Алмати, Чимкент, Бурабай ва бошқа машҳур ҳудудларда бўлди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу тажриба маданиятлараро мулоқотга ўргатади, шоуни фақат кўнгил очувчи эмас, билим берувчи лойиҳага айлантиради.


«Пекин Экспресс» шоуси туристик қизиқишларни шакллантирувчи энг машҳур француз телелойиҳаларидан бири. Қишки мавсум 7 миллион нафардан зиёд Франция, Бельгия, Монако ва Швейцария фуқаросидан иборат аудитория эътиборини қозониши кутиляпти. Туризм ва спорт вазирлигида  маълум қилишларича, дастур чиққанидан кейин Қозоғистонга ушбу давлатдан келаётган туристлар оқими камида 15 фоизга ортиши кутиляптии.


Абдумалик Сарманов таржимаси