ЕОИИ да ўзаро сармоя ҳажми 20 милиард доллардан ошди

ЕОИИ да ўзаро сармоя ҳажми 20 милиард доллардан ошди

ЕОИИ фаолияти даврида ўзаро бевосита сармоялар ҳажми 20 миллиард доллардан ошган. Бунда Қозоғистон маблағи деярли 7 марта ошган, 2015 йилдаги 600 миллион доллардан 2024 йилда 4 миллиард долларгача. Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши йиғилишида айтиб ўтди. Анъанага кўра, йиғилиш аввалига тор таркибда ўтказилди. Қозоғистон, Россия, Беларусь, Қирғизистон президентлари, шунингдек, Арманистон бош вазири ва Евроосиё иқтисодий комиссияси коллегияси раиси иттифоқнинг келаси йилги фаолияти мақсад ва йўналишларини муҳокама қилди. Кенгайтирилган форматдаги мажлисда Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани каби, янги йил олдидан ташкил этиладиган Петербург учрашувлари яхши анъанага айланди, зеро, бу йил якунларини чиқариш ва келажак учун режалар тузиш учун яхши имконият.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Якунига етаётган йил Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи учун юбилей йил бўлди. Биз интеграциявий бирлашмамизнинг кейинги ўн йилига ишонч билан қадам ташладик. Кейинги йиллардаги глобал тебранишларга қарамасдан, некбин иқтисодий ўсишни сақлаб қолишга эришдик. ЕОИИ давлатларининг биргаликдаги ЯИМ 2025 йилда 2 фоизга ошди. Прогнозларга кўра, яқин икки йилда ЯИМ ўсиши барқарор характер касб этади.

Қозоғистон Президенти бирлашманинг кейинги ривожидаги истиқболли йўналишларни айтиб ўтди. Хусусан, давлатимиз раҳбари савдо оқимларини прогнозлашда ва божхона тўловлари таъсирини баҳолашда сунъий идрок технологияларини жорий этиш устидаги ишларни бошлашни таклиф қилди. ЕОИИ жаҳон транспорт-логистика тугуни ролига даъвогарлик қилишга қодирлиги ҳисобга олинса, дея ҳисоблайди Қосим-Жўмарт Тўқаев, бу ўта муҳим. Ва албатта, дунё бозорида талабгир бўлган маҳсулотларга йўналтирилган янги саноат корхоналарини равнақ топтириш ҳам муҳим.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– ЕОТБ аналитиклари ҳисобича, ЕОИИ давлатларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг қўшимча имкониятлари 67 миллиард долларга тенг. Бу салоҳият тўла ишга туширилса, биргаликдаги ўсиш самараси 500 миллиард долларга етиши мумкин. Бу мақсадга эришиш учун саноат кооперациясини кучайтириш лозим. Бунда бурилиш ясовчи инновациявий лойиҳалар учун сармоя зарур.

Савдодаги маъмурий тўсиқларга «йўқ», иқтисодий ҳамкорлик жуғрофиясини кенгайтиришга эса «ҳа» дейиш. Қосим-Жўмарт Тўқаев буни қатъий таъкидлади. Монголия билан эркин савдо ҳудуди тўғрисида, Бирлашган Араб Амирликлари билан шериклик ҳақида шартнома имзоланган, йиғилиш мобайнида Индонезия билан ҳам келишув бўлди. Келгусида Иттифоқнинг Глобал Жануб, Араб дунёси, Жанубий-Шарқий Осиё ва Африка давлатлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш зарур. Таъкидлаймиз, янги йилда Қозоғистон ЕОИИ раислигини қабул қилади. Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кейинги йиғилиши 28 ва 29 май кунлари Астанада бўлиб ўтади.

Абдумалик Сарманов таржимаси