Астанада халқаро GCIP дастури доирасида саралаб олинган йилнинг энг яхши
10 та «яшил» лойиҳаси
тақдим этилди. Энергия тежаш,
тоза энергетика, сувдан онгли фойдаланиш, улгерод таъсирини камайтирувчи
экологик материаллар ва рақамли технологиялар соҳасидаги ечимлар танловнинг
миллий босқичи финалига чиқди. Халқаро яшил технологиялар маркази раҳбари айтишича, бу каби ташаббуслар экологик ечимларнинг янги
бозорини шакллантиради ва Қозоғистон жаҳон даражасидаги рақобатли
инновацияларни таклиф қилишга қодирлигини кўрсатади.
Сакен Қалқаманов, Халқаро яшил
технологиялар ва инновациявий лойиҳалар маркази бошқарув раиси:
- Глобал инновациявий дастур 16 мамлакатда амалга оширилади, ҳар йили
халқаро стартаплар танлови бўлиб ўтади, унда шу барча 16 давлатда ғолиб
бўлганлар тўпланади. Жорий йилда Истамбулда ўтказилди, у ерда Қозоғистонда 2024
йилда биринчи ўринни эгаллаган ғолиб ҳам қатнашди. Келаси йили ушбу танлов Венада
бўлиб ўтади ва бугунги ғолиб стартап Венага боради, бахтини синаб кўради.
Экспертлар таъкидлашича, диққат марказида сунъий идрок ва рақамли
технологияларнинг саноат ҳамда агросектордаги интеграцияси бўлди. Майдончада Қозоғистоннинг iTOQ стартапи эътиборни тортди, бу – янги авлод мини-электр трактори. Экологияга таъсирни камайтиришга қаратилган лойиҳа яримйиллик халқаро GCIP
акселераторидан ўтди, унда жамоа конструкцияни ишлаб чиқариш даражасида
такомиллаштирди.
Алибек Ибраим, iTOQ стартапи асосчиси:
- Бизнинг трактор айрим ўзгачаликларга
эга. Шулардан бири – унинг тўлиқ электрда ишлаши. Иккинчидан, тез куч йиғувчи аккумулятор, у
техника 100 километргача йўл босишини ва 4 соат тўхтовсиз ишлашини таъминлайди.
Сунъий идрок ҳисобига бизда алоҳида модуллар мавжуд, яъни сиз битта тракторни
асасий тўплами билан харид қиласиз, қўшимча равишда унинг учун алоҳида лидар, яъни
мана бу датчикни оласиз. Шунинг эвазига у далада яримавтоном ҳолатда ёки тўлиқ автоном тартибда ишлайди. Одам бунда бош-оёқ иштирок этиши шарт эмас, у бошида трактор тўғри
ишлаётганига қараб туриши, кузатиши, тўхтатиши, кейин эса тушиб, ишга қўшиши
мумкин, шундан сўнг трактор белгиланган майдонни ўзи ҳайдайверади, то
шудгорлашни тугатмагунича тўхтамайди.
Беллашувда 10 та стартап фақат грант учун эмас, балки ўз технологияларини Европа халқаро майдончасида тақдим этиш, янги сотув бозорларида инвесторлар топиш имконияти учун ҳам курашади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

