2025 йил: Қозоғистон дунёда сиёсий мавқеини мустаҳкамлади

2025 йил: Қозоғистон дунёда сиёсий мавқеини мустаҳкамлади

Бу йил Қозоғистон учун фаол дипломатия даври бўлди, натижада мамлакатнинг халқаро муносабатлар тизимидаги мавқеи мустаҳкамланди. Жаҳон саҳнасида республикамизни барқарор ва ишончли ҳамкор сифатида билишади ва ўзаро алоқалалрни кенгайтиришга интилишади. Қозоғистон ҳам кўп векторли ташқи сиёсат юритишда давом этяпти. 2025 йилда Қосим-Жўмарт Тўқаев 23 мамлакатга борди. Москва ва Тошкентга давлат ташрифи ташкил қилинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Осиё, Европа, Яқин Шарққа сафар қилди. Шу жумладан, Хитой, Россия, АҚШ, Бирлашган Араб амирликлари, Иордания, Туркия, Япония, Венгрия, Ўзбекистон , Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистонни кезди. Турли давлат раҳбарлари билан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинди. Халқаро учрашувлар давомида 70 миллиард доллар қийматга эга тижорат шартномалари имзоланди.

Бахт Тўлегенов, MNU профессори:

- Жорий йил, айниқса, мураккаб геосиёсий вазият шаклланганини ҳисобга олсак, Қозоғистон ташқи сиёсати учун ўта самарали бўлди. Мамлакатимиз ютуқлари қаторида дунёнинг асосий ўйинчилари билан мувозанат ва ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолганини кўрсатиш мумкин. Қозоғистон учун барқарорлик, дипломатия ва амалий ҳамкорлик биринчи ўринда туради.

Куз ҳам воқеаларга бой бўлди. Қосим-Жўмарт Тўқаев дунёнинг учта глобал пойтахти - Пекин, Вашингтон ва Москвага ташриф буюрди, давлат раҳбарлари билан учрашди. Давлат раҳбари ШҲТ, ТДТ саммитлари, БМТнинг 80-сессиясида қатнашди. 2025 йилда С5+ формати катта аҳамият қозонди. Геосиёсий беқарорлик даврида минтақа стратегик аҳамият қозонди ва унда янги имкониятлар очилди. Астана жорий йилда «Марказий Осиё плюс» саммитларининг олтитасидан иккитасига мезбонлик қилди.

Жадира Асетқизи, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти Осиё тадқиқотлари бўлими катта эксперти:

Йирик инвесторимиз, бош савдо ҳамкоримиз бўлган Европа Иттифоқи билан саммит ўтказилди. Бу жорий йилда Қозоғистон ва Марказий Осиё дунё сиёсатининг қонуний ўйинчилари қаторига кирганини кўрсатади. Албатта, бу биринчи навбатда мамлакатимизнинг ташқи сиёсатдаги салмоғини оширади. Ва у биз бутун Марказий Осиё, унга ёндашган Афғонистон каби давлатларнинг жамланиш нуқтасига айланаётганимизни кўрсатади.

Йил давомида республика хорижий давлат раҳбарларини ҳам қабул қилди. 30 та ташриф амалга оширилди. Жаҳон ўйинчилари давлатимизни ўртача мамлакат ва Марказий Осиёдаги самарали мулоқот олиб бориш ва савдо-иқтисодий алоқалар олиб бриш мумкин бўлган энг йирик ва пешқадам ҳамкор сифатида кўряпти..  Экспертлар фикрича, 2026 йил янада самарали бўлиши кутиляпти. Мамлакатимиз яқин ва узоқдаги қўшнилар билан мулоқотни ва узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттиради.


Абдумалик Сарманов таржимаси