Қозоғистон сармоя жалб этиш бўйича Марказий Осиёда пешқадам

Қозоғистон сармоя жалб этиш бўйича Марказий Осиёда пешқадам

2025 йил якунларига кўра, Қозоғистон иқтисоди фаол ўсяпти: 11 ой ичида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга ортди. Бунда асосий ҳаркатлантирувчи куч сифатида транспорт, қурилиши ва тоғ-кон саноати фаолият юритди. Киритилган инвестициялар иқтисод ўсишига катта таъсир кўрсатди. Қозоғистон сармоя жалб этишда Шимолий ва Марказий Осиёда пешқадам. Минтақага келтирилган капиталнинг салкам 90 фоизи мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. БМТ қошидаги Осиё ва Тинч океани ҳавзаси бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссия аналитиклари таъкидлашича, 19 миллиард доллар жалб этган ҳолда, Қозоғистон пешқадамликка эришган. Қозоғистон Миллий банки берган маълумотга кўра эса мамлакатга киритилган бевосита хорижий инвестициялар ҳажми 20 миллиард доллардан ошди.

Асқар Хамзин, Миллий иқтисодиёт вазирлиги департамент директори:

– 2025 йил январь-ноябрь ойларида асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 18,5 триллион тенгени ташкил қилди, бу эса 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 13,3 фоизга кўп. Инвестицияларнинг салкам 19 фоизи кўчмас мулкка сарфланди, транспорт ва омборчилик улуши 17 фоиз, тоғ-кон саноатиники — 14 фоиз.

Хорижий инвестициялар фақат хомашё секторига эмас, транспорт, логистика, саноат ва хизматлар соҳаларига ҳам фаол кириб келяпти. Бунда Kazakh Invest миллий компаниясининг хизмати катта. Унинг ёрдамида чет эл сармояси иштирок этган 2 миллиард доллардан зиёд қийматга эга 45 та йирик инвестициявий лойиҳа ишга туширилди. Бугунги кунда юқори қўшимча қиймат берувчи қайта ишлаш саноатига, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, агросаноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга таклифлар жуда кўп.

Мадияр Султанбек, «Kazakh Invest» миллий компанияси» ҲЖ бошқаруви раиси ўринбосари:

- Биринчи ярим йилликка кўра биз асосий инвесторлар сифатида АҚШ, Нидерландия, Хитой, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Франция, Яқин Шарқ давлатлари фаолият юритаётганини кўриб турибмиз. Иқтисоднинг қайта ишлаш секторига ҳам салмоқли инвестиция жалб этилди. Тоғ-металлургия мажмуаси, нефть-газ соҳалари улуши камайиб боряпти. Бу эса инвесторларнинг асосан қайта ишлаш секторига маблағ киритаётганини кўрсатади.

Асосан махсус иқтисодий ва саноат зоналари, шунингдек, «Астана» халқаро молия маркази инвестицияларни жалб этаяпти. АХММ туфайли бизнес ўтган йилгидан икки марта кўп - 6 миллиард доллар сармоя жалб этди. Мутахассислар таъкидлашича, жаҳон хомашё бозорлари заифлашиши ва геосиёсий таранглик кучайишига қарамай, Қозоғистон иқтисоди 2025 йилда ўсиш суръатларини ва инвестициявий жозибадорлигини сақлаб қолди. Экспертлар мамлакатга капитал оқими ортаётгани ва Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг самарали ислоҳотлари туфайли бунга эришилганини таъкидлаяпти. Аналитиклар уни «Президента Тўқаевнинг инвестициявий цикли», деб атади. У Ҳукуматнинг фаол иштироки, қарорлар қабул қилиниши жадаллашиши, хорижий капитал нохомашё секторига йўналтирилиши тарзида намоён бўлди.

Абдумалик Сарманов таржимаси