Давлат раҳбари Жамбил вилоятига амалий сафар билан келди. Қозоғистон Президенти қатор корхоналарга борди. Қосим-Жўмарт Тўқаев фармацевтика компаниялари фаолияти билан танишди. «Амир и Д» дори-дармонлар, В ва С гепатитлар, ОИВ, миокард инфаркти ва бошқа касалликлар ташхиси учун турли экспресс-тестлар чиқаради. «Super-pharm» корхонаси тиббий ниқоблар, бир марталик ҳимоя либоси, шприц, қон қуйиш тизимлари ишлаб чиқаради. Компания мамлакатнинг бир марта ишлатиладиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжининг учдан бир қисмини таъминлайди. Президент Тўқаев таъкидлашича, маҳаллий фармацевтика ривожланишда давом этиши керак. Бу импортга муҳтожликни камайтиради.
Давлат раҳбари «Тараз» кичик иқтисодий зонасида ҳам бўлди. Унда Қосим-Жўмарт Тўқаевга минтақанинг ривожланиши тўғрисида маълумот берилди. Йил бошидан буён вилоятда 600 миллиард тенге инвестиция жалб қилинди. Икки йил ичида 242 миллиард тенге қийматга эга 56 та инвесициявий лойиҳа рўёбга чиқарилди. Улар қаторида минерал ўғитлар чиқарувчи завод ҳам бор. Қосим-Жўмарт Тўқаевга металлургия заводи қурилаётгани, Жанатасда «ЕвроХим-Қаратау» лойиҳаси рўёбга чиқарилаётгани ҳақида ҳисобот берилди. Янги заводда шу кунларда сулфат кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйиляпти. Президентга саноат зонаси ҳудудида чиқариладиган қишлоқ хўжалик техникаси, юқори ҳароратга чидамли ойна заводи намойиш этилди.
Давлат раҳбари Тароздаги ихтисослашган ҳарбий мактаб-интернатга ҳам борди. Мактабнинг асосий мақсадларидан бири: бўлажак ватан ҳимоячиларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш. Ўқувчилар билан суҳбатда Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат ҳарбий таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор беряпганини таъкидлади, мактабга Бауржан Мўмишули портрети ва автобус совға қилди. Сўнгра Давлат раҳбари Жамбил вилоятидаги ягона аритмология клиникасига борди. Унда аҳолига тўлақонли кардиологик ва кардиожарроҳлик ёрдами кўрсатилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

