Қозоғистон Ҳукумати кўмир генерациясини ривожлантириш бўйича миллий лойиҳа тайёрлашга киришди. Бош вазир тегишли вазирликларга бу ишни бир ой ичида якунлашни топширди. Дастурда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган «тоза кўмир» технологияларига устуворлик берилади. Унга умумий қуввати 7,6 гигаватт бўлган лойиҳалар киритилган. Таъкидлаш лозимки, Давлат раҳбари Миллий қурултойнинг бешинчи йиғилишида табиатга зарарини камайтирган ҳолда, замонавий технологиялар воситасида самарали фойдаланишни топширганди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Шунга кўра, «Самруқ - Қазина» жамғармасига январь ойининг охиригача Кўкшетау, Семей ва Ўскемен шаҳарларида ТЭЦлар қурилиши лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўйича шартномаларни имзолашни топшираман. Апрель ойидан қурилиш бошланиши лозим. 2-ГРЭСни кенгайтириш бўйича ишларни алоҳида назоратга олиш зарур. Жорий йилда Курчатовдаги ТЭЦ ва Екибастуздаги 3-ГРЭС лойиҳаларининг техник ҳужжатлари тўла-тўкис тайёрланиши шарт.
Президент Қурултойда янги конларни разведка қилиш ҳисобига табиий газ салоҳиятини кучайтиришни топширганди. Бугунги кунда бу йўналишда 515 миллиард куб метр «зангори олов» конларида захираларни аниқлаш бўйича 14 та участкада ишлар давом этяпти.
Ерлан Ақкенженов, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:
- Ўрта муддатда геологик разведка портфелини умумий ҳажми 1,7 триллион куб метр бўлган 30 та участкагача кенгайтириш ниятидамиз. Натижада, саноатни ривожлантириш, ички эҳтиёжни қоплаш учун барқарор пойдевор шаклланади. Айни вақтда, инвестициявий хизматларни фаоллаштириш ва геологик таваккални тақсимлаш мақсадида 50 тага яқин участкани электрон аукционга чиқаришни режалаштирганмиз.
Шу билан бирга, соҳа вазири сув-энергетика захираларининг мажмуавий рақамли харитаси тайёрланаётганини кўрсатиб ўтди. Бу лойиҳа миллий даражадаги электрон тармоққа киритилади. Мамлакатнинг гидрологик ҳолати, ер рельефи, инфртузилмалари ва ҳуқуқ билан боғлиқ маълумотлар майдончадан ўрин олади. Харита лойиҳалар учун қулай ечимлар танлаш, объектлар кўрсаткичларини ҳисоблаш, тайёргарлик муддатини қисқартириш имконини беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

